SARDOR RAHIMXON QIZLARDAN XAFA!
Сардор Раµимхон қизлардан хафа! Сарлавҳани ўқиб, хаёлингиздан "Нега?” деган савол ўтгани табиий. Аммо... саволингизга жавоб беришга ожизмиз, сабаб бунинг боиси ҳозирча ўзимизга ҳам номаълум.
Фақат шуни айта оламизки, мухлисларининг аксарияти қизларни ташкил этадиган Раҳимхон навбатдаги таронасини "Шунақаям бўладими қиз бола?” деган ғалати савол билан номлаган. Номиданоқ киши эътиборини тортадиган бу тарона мусиқаси Мусахон Нурматовга, сўзлари эса 2010 йилда шеърлари энг кўп қўшиқ бўлган ижодкор Аҳад Қаюмга тегишли! Сардор Раҳимхонни бундай мавзуга қўл уришга нима мажбур қилган, бу ранжиш кимга қаратилган, буни қўшиқ тақдим этилганидан кейингина билишимиз мумкин. Унгача хонанда сирни ошкор этмай туришни лозим топди.
______________________________________________
Келажаги ёрқин хонанда деб таърифланаётган Шербек Шодиев "Уйқудаги гўзал” таронаси билан ижодида туб бурилиш ясади.
Замонавий эстрадада ўз йўналишини топишга уринаётган хонанда мазкур қўшиғини илк бор "Ёшлар” телеканалининг янги йил базмида куйлаб чиққанидан хабарингиз бўлса керак. Қўшиқ матни таниқли шоир Бобур Бобомуродга, мусиқаси Шербекнинг ўзига тегишли. Қўшиқ аввалидаги гўзал монологни машҳур дубляж устаси Ҳожиакбар Комилов ўқиган. Тарона ўзининг ижро ва оҳанг уйғунлиги билан қисқа фурсатда ўз мухлисини топишига ишонамиз. Эндиликда Шербек "Уйқудаги гўзал”га ўзгача клип ишлаш нитида. Дарвоқе, хонандадан яна бир янгилик, Шодиев ижодига қизиқувчилар, марҳамат қилиб унинг яқиндан бошлаб ишга тушган sherbek.uz сайтига ташриф буюриб, у ҳақидаги барча маълумот ва янгликлардан хабардор бўлишлари мумкин. Дарвоқе, "уйқудаги қизлар” уйғониб зора шу қўшиқни хонанда атайлаб улар учун очган расмий сайтида тинглашса! )
______________________________________________________________
Ёдгор Мирзажонов қўшиқ баҳона...
Ёдгор Мирзажоновнинг ТВ-Марказда премьера қилинган "Жоним мани” қўшиғига ишлаган клипидан баҳраманд бўлгандирсиз? Тан олиш керак, клип оригинал саҳналардан иборат. Хонанда мазкур клипи намойишидан худди шу қўшиқини куйлаш таклифи билан "Озод-шоу”га таклиф этилди. Мирзажоновни хурсанд қилган яна бир жиҳат, бу қўшиқни бирга куйлаш учун дуэтдош танлашни ўзига қўйиб беришди. Ёдгор ўйлай-ўйлай, дуэтдош сифатида сўнгги пайтларда телеэкранларимизда қайта-қайта намойиш этилган "Тундан тонггача” фильми бош қаҳрамони "бананга бошқоронғи келин” Шаҳзода Муҳаммедовани танлади. Шундай қилиб, Шаҳзода Ёдгорга "Жоним мани” деса, Ёдгор унга жавобан "Асалим мани” деб қўшиқни шоуда ижро этишди. Ишқилиб, қўшиқ бир баҳона... эмасмикан? Лаббай…Нима дедингиз?