Лойиҳамизнинг галдаги қаҳрамони 2010 йилнинг "Энг яхши аёл хонанда”си Нилуфар Усмонова. Кўрамиз, у ҳамкасбларининг саволлар нишонига қандай жавоб қайтараркан...
Ҳосила Раҳимова: Нима учун қўшиқ куйлаяпсиз? Армонларингиз ушалиши учунми ёки орзуларингиз рўёби учун?..
- Биласизми, қўшиқ куйлаш сиз назарда тутгандек, менинг армоним ҳам, орзуим ҳам эмас. Бу - менинг ҳаётим. Бошқача бўлиши мумкин эмас!
Алишер Файз: Ҳаётингизда кўпроқ кимнинг меҳри-эътиборидан айрилишдан қўрқасиз ёки сиз учун нимасиз қолиш ҳаммасидан оғир?
- Аввало санъаткор сифатида халқнинг эътиборидан, кейин эса онамнинг меҳридан айрилишдан қўрқаман. Ҳаммасидан оғири – онамсиз қолиш... Улар менга ҳам ОНА, ҳам, устоз.
Сардор Раҳимхон. Сизни кўпчилик хушчақчақ ва шаддод деб билади. Одамларга шундай таассурот қолдириш ўзингизга ёқадими? Аслида-чи, қандай инсонсиз?
-Одамларга шундай қиёфада кўриниш менга маъқул. Аслим эса.... атрофимдагиларга қолдирган таассуротимдан бўлакча: у қадар хушчақчақ эмасман. Шунчаки ичимдаги дардни бошқаларга кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Саҳна ва баъзи клипларимдаги сокин, босиқ қиёфам аслимга яқинроқ.
Рухшона: Яхши кўрган инсонингиз учун нимларга тайёрсиз ва... тайёр эмас?
Севган инсоним учун кўп нарсага, деярли ҳамма нарсага тайёрман. Чунки у бунга муносиб! Унинг мен учун нималарга қодирлигини билдим-кўрдим.
|